Халифа ҳокимиятда ва шариатни ижро қилишда умматдан вакил бўлади.
Халифалик ўзаро розилик ва ихтиёр битимидир. Ҳеч ким уни қабул қилишга ва халифаликка сайланадиган шахсга рози бўлишга мажбур этилмайди.
Эркак ёки аёл бўлишидан қатъий назар, балоғат ёшига етган, ақлан соғлом ҳар бир мусулмон халифани сайлаш ва унга байъат бериш ҳуқуқига эга. Ғайримусулмонлар бундай ҳуқуқдан маҳрум.
Инъиқод байъатини амалга оширувчи шахсларнинг байъати орқали бирор шахс учун халифалик аҳди (битими) берилса, у ҳолда қолганларнинг байъати инъиқод байъати эмас, балки итоат байъати бўлади. Шунга кўра итоатсизлик аломатлари кўрилган шахсларнинг барчаси байъат беришга мажбур қилинади.
Мусулмонлар томонидан сайланган кишигина халифа бўлади. Исломдаги ҳар қандай аҳд каби халифалик аҳди ҳам шаръий йўл билан амалга ошмаса, ҳеч ким халифалик ҳуқуқларига эга бўлмайди.
Халифага инъиқод байъати бериладиган минтақа ёки давлатдаги ҳокимият фақат мусулмонларнинг ўзига таянадиган, кофир давлатга суянмайдиган мустақил ҳокимият бўлмоғи шарт. Шунингдек, бу давлатнинг ички ва ташқи хавфсизлиги кофирлар қўлида эмас, балки мусулмонлар қўлида бўлиши лозим. Бошқа ўлкалардан талаб қилинадиган итоат байъатида бу нарса шарт эмас.
Халифалик байъати берилаётган шахс, гарчи афзаллик шартларига эга бўлмаса-да, бироқ ўзида инъиқод шартларини тўлиқ мужассам этмоғи лозим. Чунки байъатда инъиқод шартлари эътиборга олинади.
Халифага давлат раиси аҳди берилиши учун унда олти сифат бўлиши лозим. Яъни, у эркак, мусулмон, ҳур (қул эмас), балоғат ёшига етган, ақлан соғлом, адолатли ва ҳукм юритишга қодир бўлмоғи шарт.
Халифалик мансаби - халифанинг ўлими ёки мансабдан воз кечганлиги ёки мансабдан четлатилганлиги сабабли - бўшаб қолса, унинг ўрнига уч кун ичида халифа сайлаш вожибдир.
Халифа сайлашнинг йўли қуйидагича:
а) Уммат мажлисининг мусулмон аъзолари бу мансабга номзодлар кўрсатадилар. Номзодларнинг номлари эълон қилинади. Сўнг мусулмонлардан улардан бирини сайлаш талаб этилади.
б) Сайлов натижаси эълон қилинади ва мусулмонларга сайлов-чиларнинг энг кўп овозини олган номзод таништирилади.
в) Мусулмонлар энг кўп овоз олган номзодга халифа сифатида Оллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг Суннатларига амал қилиш шарти билан байъат берадилар.
г) Байъат тугаллангач, халққа халифа эълон қилинади, токи унинг сайланганлиги ҳақидаги хабар бутун умматга етиб борсин. Эълон қилинаётганда унинг исми ва уни давлат раислигига лойиқ сифатларга эгалиги ҳам зикр этилади.
Халифани уммат сайлайди. Лекин уммат шаръий йўл билан инъиқод байъати берилган халифани мансабдан четлатолмайди.
Халифа давлатдир. У давлатнинг барча ҳуқуқларига эга. Халифа қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) У шаръий ҳукмларни табанний қилган чоғида уларни қонуний кучга киритади. Бу пайтда ушбу шаръий ҳукмлар итоат қилиш вожиб ва қарши чиқиш жоиз бўлмаган қонунларга айланади.
б) У Давлатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатига масъулдир. У қўшин қўмондонлигини ўз қўлига олади. Уруш эълон қилиш, сулҳ, мувваққат сулҳ ва бошқа битимларни тузиш ҳам унинг ихтиёридадир.
в) У ажнабий элчиларни қабул қилиш ва қабул қилмаслик ҳамда мусулмон элчиларни тайинлаш ва ишдан четлатиш ҳуқуқига эгадир.
г) У муовин ва волийларни тайин қилади ва ишдан четлатади. Уларнинг барчаси халифа олдида масъул бўлганлари каби уммат мажлиси олдида ҳам масъулдирлар.
д) У бош қози, идора мудирлари, лашкарбошилар ва байроқдор амирларни тайин қилади ва ишдан четлатади. Уларнинг барчаси халифа олдида масъулдирлар. Лекин уммат мажлиси олдида масъул эмаслар.
е) У давлат бюджетини белгилайдиган шаръий ҳукмларни табанний қилади. У бюджет бўлимларини ҳамда кирим ва чиқимга алоқадор бўлишидан қатъий назар, ҳар бир жиҳат учун лозим бўлган маблағларни белгилайди.
Халифа табанний қилиш ҳуқуқида шаръий аҳкомлар доирасига боғлиқдир. Ҳақиқий истинбот йўли билан шаръий далиллардан ишлаб чиқилмаган ҳукмларни табанний қилиш халифага ҳаромдир. У ўзи табанний қилган ҳукмлар ва ўзи учун белгилаб олган истинбот йўли билан чеклангандир. У тутган йўлига зид равишда берилган ҳукмни табанний қилиши ҳамда ўзи жорий этган ҳукмларга зид бўлган буйруқни бериши жоиз эмас.
Халифа ўз ижтиҳоди ва раъйига мувофиқ раийят ишларини бошқаришда мутлақ ҳуқуққа эга. У давлат ишларини юритиш ва раийят ишларини бошқариш учун лозим бўлган барча мубоҳ ишларни табанний қилиш ҳуқуқига эга. У манфаат ҳужжати билан бирор шаръий ҳукмга зид иш тутиши жоиз эмас. Бинобарин, у озиқ-овқат маҳсулотларининг озлиги ҳужжати билан биттадан ортиқ фарзанд кўришни ман қилмайди, эксплуатациянинг олдини олиш деган ҳужжат билан одамларга нарх-навони белгилаб бермайди, ишларни бошқариш ёки манфаат ҳужжати билан кофирни ёки аёл кишини волийликка тайинламайди ва шу каби шариат аҳкомларига зид ишларни қилиши мумкин эмас. У ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол дейиши жоиз эмас.
Халифа учун чекланган муддат йўқдир. Модомики, у шариатни муҳофаза қилиб унинг ҳукмларини ижро қилар экан, давлат ишларини бажаришга қодир экан - унинг ҳолати халифаликдан четлатадиган даражада ўзгармаса, ўз лавозимида қолаверади. Агар унинг ҳолати ана шу даражада ўзгарса, уни дарҳол ишдан четлатиш вожиб бўлади.
Халифанинг ҳолати ўзгаришига сабаб бўладиган ва бу билан у халифаликдан чиқадиган ишлар учта:
а) Халифаликнинг инъиқод шартларидан бири бузилса, яъни у муртад бўлса, ёки очиқдан-очиқ фосиқлик қилса, ёки ақлдан озса ёки шу кабилар содир бўлса. Чунки бу шартлар халифаликнинг инъиқод ва доимийлик шартларидир.
б) Қайсидир сабабга кўра халифалик вазифасини бажаришдан ожиз бўлиб қолса.
в) Ўз раъйи билан шариат асосида мусулмонлар манфаатлари йўлида иш юритишдан ожиз қилиб қўядиган зўрлик вужудга келса. Агар бирор кимса уни ўз раъйи билан шариат аҳкомларига мувофиқ раийятнинг манфаатларини бошқаришдан ожиз қилиб қўядиган даражада унга босим ишлатса, у ҳукман Давлат ишларини бажаришдан ожиз деб эътибор қилинади ва шу сабабга кўра халифаликдан четлатилади. Бу иш икки ҳолатда рўй бериши мумкин:
Биринчи ҳолат: Унинг атрофидаги одамлардан бири ёки бир нечтаси унинг устидан ҳукмрон бўлиб, ишларни ижро қилишни ўз қўлларига олишади. Агар уларнинг ҳукмронлигидан халос бўлиши умид қилинса, муайян муддатга муҳлат берилади, шундан кейин ҳам уларнинг ҳукмронлигидан қутила олмаса халифаликдан четлатилади. Агар халос бўлишига умид бўлмаса, дарҳол четлатилади.
Иккинчи ҳолат: Ғолиб душман қўлига ҳақиқатан асирга тушиши билан ёки душманнинг ҳукмронлиги остида қолса, қаралади:
а) Агар халифанинг халос бўлиши умид қилинса, то умид узулгунга қадар муҳлат берилади, агар халос бўлишига умид қолмаса, мансабидан четлатилади.
б) Агар халос бўлишига умид бўлмаса, дарҳол четлатилади.
Халифанинг ҳолати уни халифаликдан четлатадиган даражада ўзгарган ёки ўзгармаганини фақат Маҳкаматул-мазолим белгилайди. Фақат Маҳкаматул-мазолим халифани четлатиш ёки огоҳлантириш ҳуқуқига эга.